Андижон шаҳри, Қўрғонтепа ва Шаҳрихон туманларида ипотека кредитларининг соддалаштирилган тизими жорий қилинади

Андижон шаҳри, Қўрғонтепа ва Шаҳрихон туманларида ипотека кредитларининг соддалаштирилган тизими жорий қилинади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Хабарга кўра, Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан «Ипотека банк» ва «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан аҳолига ипотека кредитлари ажратиш бўйича хўжалик усулида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш (қайта қуриш) учун ипотека кредити қарз олувчининг банк пластик карточкасига босқичма-босқич ўтказиш йўли билан ажратилишига розилик берилди. Шунингдек, қурилиш даври учун 6 ой имтиёзли давр белгиланади.

Даромадлари тўғрисида камида охирги уч ой учун иш жойидан берилган маълумотномалар, иш берувчи томонидан берилган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсия тўловлари, фоизлар, дивидендлар, мол-мулкни ижарага беришдан олинган доимий тарздаги даромадлар давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган жисмоний шахсларнинг даромадлари бўйича декларациялар билан бирга ва халқаро пул ўтказмалари тизими орқали келиб тушган маблағлар қарз олувчининг кредитга лаёқатлилигини ҳисоблашда инобатга олинади.

Бундан ташқари, кредитнинг мақсадли ишлатилиши банк ва қарз олувчи ўртасида дастлаб имзоланган уй-жой қурилишини бажариш режа-жадвали асосида қилинган ишлар сифатида қабул қилинади.

Кредит ажратиш учун якка тартибдаги уй-жойларнинг тегишли лойиҳа ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда асосий турдаги қурилиш материаллари қиймати асос сифатида қабул қилинади. Якка тартибдаги уй-жойларнинг молиявий смета ҳисоб-китобининг 10 фоизи миқдорида бошланғич бадал сифатида қарз олувчининг маблағлари, мавжуд қурилиш материаллари, ишчи кучи ва бажарилган қурилиш-монтаж ишлари қабул қилинади.

Аввалроқ Ўзбекистонда квартира учун кадастр паспортини 3, ҳовли учун 5 иш кунида олиш имконияти яратилгани, Андижон шаҳрида 6 нафар мактаб битирувчисига 5 миллион сўмдан имтиёзли кредит берилгани ҳақида хабар берилганди.