Афғонистонлик 10 нафар талаба Ўзбекистон ОТМларида ўқишни давом эттиради

Тошкент шаҳрида 20 ноябрь куни афғонистонлик талабаларни Ўзбекистонга таълим олиш учун юбориш тўғрисида имзоланган меморандумга асосан 10 нафар талаба Ўзбекистон ОТМларида таҳсилни давом эттиради. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, 20 ноябрь куни Афғонистон Ислом Республикаси ҳукумати делегациясининг Тошкент шаҳрига ташрифи чоғида Афғонистон Олий таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида афғон талабаларини Ўзбекистонга таълим олиш учун юбориш тўғрисида ўзаро меморандум имзоланган.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати

Меморандумда ҳар икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик қилиш, ўқув материаллари билан алмашиш, таълим тадбирларида ҳар икки мамлакат мутахассисларининг ўзаро иштирокини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларида ўзаро ҳамкорлик қилиш ва илмий журналларда нашр этиш ва мақолаларни биргаликда тайёрлаш шартлари ва тартиби белгиланган.

Таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш ва икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни янада кенгайтириш бўйича келишувга Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Афғонистон Ислом Республикасига 2020 йилнинг октябрь ойида амалга оширилган ташрифи чоғида эришилган.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, 2018/2019 ўқув йили давомида марказда 96 нафар талаба «Ўзбек тили ва адабиёти» йўналиши бўйича таҳсил олиб, барчаси Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг бакалаври даражасига эга бўлган. Марказда 172 нафар, жумладан, «Ўзбек тили ва адабиёти» йўналиши бўйича 119 нафар, «Ерусти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси» йўналиши бўйича 35 нафар, «Акушерлик, гинекология ва ҳамширалик иши» йўналиши бўйича 18 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг декабрь ойида Афғонистондан 10 нафар талабанинг Европа Иттифоқи кўмаги ва молиялаштирилиши асосида қишлоқ хўжалиги йўналишида таҳсил олиш учун келиши режалаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида камида биттадан нодавлат ОТМ ташкил қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ОТМга кириш имтиҳонларида мактаб ўқувчиларининг сўнгги 6 йилдаги кўрсаткичи инобатга олиниши ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар