Вилоятлар бўйича битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичи — рейтинг

Ўзбекистонда 2020/2021 ўқув йилида талабаларнинг олийгоҳларга қабул қилиниши бўйича вилоятлар рейтинги тузилди. Унга кўра, Навоий талабаси ОТМларга энг кўп кирган вилоят бўлди. Бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.

Фото: «Tez News»

«Битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари бўйича биринчи 5 талик ҳудуд орасида энг катта ўсиш Наманган ва Хоразмда кузатилмоқда», — деб ёзади вазир.

Инфографика: Халқ таълим вазирлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, барча мактабларда ОТМга йўналтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилгани сабабли бу йил умумий битирувчиларнинг сони 1,59 баробар ортган бўлса-да, ОТМга кирган битирувчилар сони 2,02 баробарга кўпайган. Наманган вилоятининг ўрни ўтган йилдагига нисбатан 4 поғонага кўтарилган, Хоразмники эса 2 поғонага.

«Ушбу оддий мисолнинг ўзи Президентимиз томонидан вилоят Халқ таълими бошқармаси раҳбарларини вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси сифатида мавқейи кўтарилиши ҳамда ҳокимларга камида 30—40 фоиз вақтларини мактабларга ёрдамга сарфлашлари бўйича кўрсатма берилиши бежизга эмаслигини кўрсатмоқда.

Вилоят (туман) ҳокими халқ таълими бошқармаси (бўлими) раҳбарини ҳафтасига камида бир маротаба қабул қилиб, муаммоларини ечишда ёрдам берса, албатта, ўша ҳудудда таълим йўналишида ривожланиш бўлади. Ҳоким томонидан эътибор берилмаса ёки вилоят (туман) халқ таълими раҳбари муаммоларни тўғри таҳлил қилиб ҳокимга тушунтира билмаса, жойларда ижобий ўзгариш бўлиши жуда қийин.

Бу тезкор йиғилган маълумотлар cупер контракт ҳамда янги очилаётган хусусий ва хорижий университетлар қабуллари натижалари бўйича Тошкент шаҳри (ҳамда баъзи ҳудудлар) кўрсаткичида йил якунигача қўшимча ўзгаришлар бўлиши мумкин.

Битирувчилари ОТМга умуман кирмаган мактаблар сони деярли 3 баробарга камайди, бу бўйича алоҳида батафсил маълумот берамиз», — деб ёзади Шерзод Шерматов.

Аввалроқ Ўзбекистонда ОТМга киришдаги тест синовлари мазмуни мактаб дастурларига мослаштирилиши ҳақида хабар берилганди.

Рейтинглар