Aндижонда ўқувчиларни устки кийимларсиз совуққа олиб чиққан мактаб раҳбарлари ишдан олинди

Aндижон вилояти Халқ таълими бошқармаси 23 ноябрь «Андижонда мактаб ўқувчилари курткасиз ташқарига чиқишга мажбур бўлади» сарлавҳаси остида тарқалган хабарга расмий муносабат билдирди.

Фото: Telegram

Маълум қилинишича, 19 ноябрь куни Aндижон шаҳридаги 43-умумтаълим мактабига «Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш» шиори остида зиёлилар, санъат, фан-маъданият ходимлари ҳамда фаол нуронийлардан иборат тарғибот гуруҳи келган.

Гуруҳ вакиллари ташрифидан хабардор бўлган ўқувчилар соат 11:25 да уларни кузатиш мақсадида йўлакка чиққан. Ўтказилаётган тадбирнинг фотоальбомини яратиш мақсадида маҳалла фаоллари ва мактаб маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари уларни расмга олган. Ишчи гуруҳ расмдаги болалар билан қилган суҳбатида мана шу суратга олиш вақтида 2–3 дақиқа ташқарида қолганлиги, сўнг устозлари томонидан танаффус вақти тугамасдан — соат 11:35 гача синф хоналарига кириши сўралганлиги таъкидланган.

Мазкур суратдаги ўқувчиларнинг ота-оналари фарзандларининг узоқ вақт ташқарида қолиб кетмаганлиги сабабли эътирози йўқ эканлигини маълум қилган.

«Якуний хулосага кўра, ҳар бир ўқувчининг мактабдаги вақтида саломатлиги ва хавфсизлигига кенг жамоатчилик вакиллари, блогерлардан ҳам кўпроқ таълим соҳаси вакиллари жон куйдириши зарур эканлигини ҳисобга олиб, 43-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчиси (Д.Насирдинов), мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари (С.Исманова)лар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», дейилади бошқарма хабарида.

Aввалроқ Aндижонда ўқувчилар совуқда қалин кийимсиз мактаб ҳовлисига олиб чиқилгани ҳақида хабар берилганди. Суратда қор эримаган мактаб ҳовлисида куртка ва бош кийимсиз ўқувчилар қўлида байроқ кўтариб турганини кўриш мумкин. Йўлакда пальто кийган аёл ва эркак ўтиб бораётгани тасвирланган.

Янгиликлар