Aндижонда ўқувчилар совуқда қалин кийимсиз мактаб ҳовлисига олиб чиқилди

Ижтимоий тармоқларда 22 ноябрь куни Aндижон шаҳридаги 43-мактаб ўқувчиларининг совуқда икки қатор бўлиб юпун кийимларда байроқ кўтариб, мутасаддиларни кутиб олаётгани акс этган фотосурат тарқалди.

Фото: Telegram

Суратда қор эримаган мактаб ҳовлисида куртка ва бош кийимсиз ўқувчилар қўлида байроқ кўтариб турганини кўриш мумкин. Йўлакда пальто кийган аёл ва эркак ўтиб бораётгани тасвирланган.

Блогер Нозим Сафаровнинг ёзишича, болалар совуқ ҳаво бўлишига қарамай, ташвиқот тадбирлари доирасида кўчага олиб чиқилган. «Кўча жуда совуқ. Энди тасаввур қилинг, шу изғиринда курткасиз ёш болага қанчалик совуқ. Шу тарғиботингизни иссиқроқ кунларга қолдирсангиз бўларди. Одамнинг қадри бўлмаса ҳам, болаларни қадрлайлик», деган Сафаров.

Шунингдек, ҳуқуқшунос блогер Хушнуд Худойбердиев ҳам ҳолат юзасидан муносабат билдириб, ҳозир раҳбарлар эгаллаб турган лавозимидан бўшатилмаса, юқоридагиларга яхши кўринса бўлди, дея таъкидлаган.

«Бизнинг келажагимиз бўлган ёш авлод касал бўлса ҳам, совуқдан азоб чекса ҳам, бизга фарқи йўқ. Чунки биз келажак ҳақида эмас, бугунимиз ҳақида ўйлаймиз. Бугунги тарғибот тадбиримиз чиройли ўтса бўлди. Ҳисоботларимиз гўзал чиқса бўлди. Бугун лавозимни эгаллаб турганлар ишдан ҳайдалмаса, юқоридагиларга яхши кўринса бўлди. Эртанги кун унча қизиқмас», — деб ёзган у.

Aндижон вилоят Халқ таълими бошқармаси эса ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Таъкидланишича, ҳолатни ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилган ҳамда ўрганиш якунлари бўйича расмий муносабат берилади.

Aввалроқ Ўзбекистондаги мактабларда танаффус вақтида ватан ҳақида қўшиқ ва шеърлар эшитилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда таълимнинг Миллий ўқув дастури ишлаб чиқилиши хабар қилинган.

Янгиликлар