Ўзбекистонда Янги йил арафасида жамоавий тадбир ўтказганлар жавобгарликка тортилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги корпоратив тадбирлар ўтказишга чекловларни бузганлар қатъий жавобгарликка тортилишини ва идоралар раҳбарлари чекловларга қатъий риоя этилиши учун шахсан жавобгар бўлишларидан огоҳлантирди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, Республика махсус комиссиясининг Янги йил кириб келаётганлигини инобатга олиб, эпидемиологик вазиятнинг барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида қабул қилган қарорига кўра, вазирлик, идоралар, давлат улуши бўлган корхоналар ва бошқа хўжалик ташкилотларига турли хил корпоратив ва кўнгилочар байрам тадбирлари ташкил этиш тақиқланган.

Вазирлик идоралар раҳбарлари назарда тутилган чекловларга қатъий риоя этилиши учун шахсан жавобгар бўлади. Чекловлар бузилиши кузатилган тақдирда тегишли тартибда ҳайфсан, жарима каби қатор жавобгарлик чоралари кўрилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2020 йил 22 декабрь ҳолатига кўра, 76 315 нафарни ташкил этган. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 114 нафар бемордан 168 нафари оғир, 32 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистондаги мактабларда арча безатиш ва Янги йил байрамини нишонлаш тақиқлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар