Варахша археология объектидан 100 дан ортиқ металл буюмлар топилди

Бухоро вилояти Жондор туманидаги Варахша массивидаги археология маданий мерос объектларида 100 дан ортиқ металл буюмлар топилди. Бу ҳақда вилоят Маданий мерос бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси матбуот хизмати

Ҳозирги кунда Варахша массиви қадимда Зарафшон сувлари билан ўзлаштирилган, лекин кейинчалик қумлар босиб, чўл зонасига айланган ёдгорликларида, асосан, қўшма Ўзбекистон-Америка (Нью-Йорк унивеситети) билан ҳамкорликда археологик изланишлар олиб борилмоқда. Натижада кўплаб янги топилмалар қўлга киритилган ва таъмирлашга муҳтожлиги маълум бўлган. Булар ичида XI—XII асрларга оид мис, бронза, кумуш ва қўрғошиндан ясалган 100 дан ортиқ металл топилмалар жамланмаси бошқарманинг таъмирлаш лабораториясида замонавий ускуналар ёрдамида занг(коррозия) қатламларидан тозаланмокда. Бу топилмаларни тозалаш, таъмирлаш ва консервация қилиш ишлари ташкил қилиниб, ўрганиш ишлари бошланган.

Қайд этилишича, бошқарма, шунингдек, вилоятдаги 287 та археология объектларида археологик тадқиқотларни олиб боришда ўз ҳиссасини қўшмоқда. Масалан Қоракўл туманида жойлашган Пойкент ёдгорлигида ёки Бухоро шаҳри қадимги Шаҳристонидан топилган ўнлаб артефактлар таъмирланиб музей қўриқхонасига топширилган. Айрим топилган буюмлар консервация қилиниб, унинг тарихий маълумотлари аниқлангандан сўнг музейга топшириш жараёнига тайёрланмокда.

Аввалроқ Бухорода амир Музаффархондан қолган муҳр ва камарбандни ноқонуний сотмоқчи бўлган собиқ ИИБ ва Миллий гвардия ходимига жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар