Бухорода амир Музаффархондан қолган муҳр ва камарбандни ноқонуний сотмоқчи бўлган собиқ ИИБ ва Миллий гвардия ходимига жиноят иши қўзғатилди

Бухоро вилоятида фуқарога тегишли амир Музаффархондан қолган муҳр ва камарбанд, шунингдек, муқаддас Қуръон китобининг терига ёзилган нусхасини алдов йўли билан сотишга уринган собиқ ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходими қўлга олинди. Бу ҳақда «Tez News»га Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бухоро вилоят бошқармаси

Хабарда айтилишича, Бухоро шаҳрида яшовчи 65 ёшли фуқаро М.A. ўзига мерос қолган амир Музаффархон даврига оид муҳр, камарбанд ва муқаддас Қуръон китобининг терига ёзилган нусхасини сотиш нияти борлигини маълум қилган. Бундан хабар топган ота-ўғил — ИИБнинг нафақадаги ходими A.A. ва унинг ўғли, Миллий гвардия сафдори Б.Б. вазиятдан фойдаланиб, даромад орттиришни мақсад қилган.

Таъкидланишича, ота-ўғил тил бириктириб, фуқарога ушбу тарихий қийматга эга буюмларини сотиб беришини, эвазига пулнинг 20 фоизини, яъни уларнинг ҳар бирига 50 минг доллардан 100 минг доллар беришини сўраган ва кўндирган. Тез орада харидор ҳам топилган. Бироқ харидор A.Ж. қиммат нарх — 500 минг долларга сотилаётган ушбу буюмлар бирор-бир музейдан ўғирланганми ёки улар сохтами деган фикрга борган ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бухоро вилоят бошқармаси

Aризага асосан ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ота-ўғил 72,1 грамм оғирликдаги олмосни 500 минг долларга ҳисоблаб, 4,5 миллиард сўм ҳамда 50 минг долларга ноқонуний сотаётган вақтида қўлга олинган.

Шунингдек, хонадонни кўздан кечириш давомида қора рангли қимматбаҳо тош, амир Музаффархон даврига оид муҳр, бир дона камарбанд ва бир дона ҳамён ашёвий далил тариқасида олинган. Бундан ташқари, тергов-суриштирув жараёнларида тарихий бойликлар ота-боланинг қўшниси фуқаро М.A.га тегишли эканлиги, мерос бўлиб қолгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, ашёвий далил тариқасида олинган буюмларнинг тарихий қийматлигини текшириш учун экспертиза тайинланган. Экспертиза хулосасидан келиб чиқиб, ота-ўғилга Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Фарғонада 39 миллион сўм пора эвазига масжид фаолияти учун рухсатнома олиб бермоқчи бўлган ҳамда Фарғонада ҳоким қарори бўйича суд ишини ҳал қилиб беришини айтиб тадбиркордан 500 доллар пул олган адлия ходими қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.