Наманганда 45 та мактабга 11 турдаги спорт анжомлари топширилди (видео)
Наманганда 45 та мактабга 11 турдаги спорт анжомлари топширилди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, вилоят ҳокимлиги ҳамда Наманган «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти ташаббуси билан умумтаълим мактабларига 11 турдаги спорт анжомлари топширилган.
Шунингдек, Норин туманидаги 2-умумтаълим мактабида спорт байрами ўтказилган. Маросимда иштирок этган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ваҳобжон Ражабов ҳамда туман ҳокими ўринбосари Жўрабек Нурматов тумандаги 45 та мактабга 106 миллион 970 минг сўмлик спорт анжомларини топширган.
Қайд этилишича, тадбир давомида футбол бўйича 2005—2006, 2007—2008 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида Халқ таълими вазирлигининг «Ёшлик марказий Кенгаши» соврини учун вилоят биринчилиги мусобақасида Норин тумани жамоаси фахрли 1-ўринни қўлга киритгани билан диплом, кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирланган.
Аввалроқ Наманганлик ўқувчилар «Инсон капитали индекси — 2020» рейтингида Ўзбекистон бўйича биринчи ўринни олгани, Ўзбекистонда мактабларни тезкор интернетга улаш учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилиши ҳақида хабар қилинганди.