Ўзбекистонда Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев «Ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда ЎзA хабар қилди.
Қарорга асосан, юқори малакали офицер кадрлар тайёрлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, улар учун узлуксиз, босқичма-босқич ва мақсадли ўқитиш тизимини яратиш ҳамда ҳарбий-тиббий соҳада таълим, фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилади.
Шунингдек, Мудофаа вазирлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети негизида ташкил этилади. Қуйидагилар Aкадемиянинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
- Ўзбекистон Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар учун ҳарбий тиббиёт соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
- тиббиёт соҳасида тор мутахассисларни, илмий-педагогик кадрларни ҳамда захира ва резервдаги тиббиёт хизмати офисерларини тайёрлаш;
- таълим жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик ва инновасион тиббиёт технологиялари, замонавий ўқув дастурлари ва ўқув-услубий ёндашувларни кенг жорий этиш;
- ҳарбий тиббиёт амалиётида мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилган фундаментал, амалий ва инновац
- ..ион илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;
- миллий ва хорижий етакчи олий, олий ҳарбий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро ҳамкорликда таълим жараёнини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасида илмий тадқиқотларни ўтказиш;
- таълим олувчиларни инсонпарварлик ва юксак маънавий ғоялар асосида, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш.
Aввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг «Фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг қўшимча чоралари тўғрисида»ги қарори 22 октябрь куни қабул қилингани ҳамда Ўзбекистонда ёнғин хавфсизлиги қоидалари тасдиқлангани ҳақда хабар қилинганди.