Ўзбекистонда 2021 йилдан офатлар оқибатида йўқолган ҳужжатни тиклашда тўлов ундирилмайди

Шавкат Мирзиёевнинг «Фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг қўшимча чоралари тўғрисида»ги қарори 22 октябрь куни қабул қилинди. Бу ҳақда Aдлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram каналида маълум қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан Ўзбекистон ва хорижий давлатда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан, маиший тусдаги офатлар (офатлар) юз берганлиги оқибатида жисмоний шахсларнинг айбисиз йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган ҳужжатларни тиклашда улар давлат божи ва йиғимлардан озод қилинади.

Шунингдек, офатлар юз берганлигини тасдиқлаш, зарурат бўлганда ҳужжатни тиклаш ваколати бўлган давлат органининг сўровига асосан:

  • Ўзбекистон ҳудудида — Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан бериладиган маълумотнома асосида;
  • Хорижий давлатлар ҳудудида — хорижий давлат ваколатли идоралари томонидан берилган ва легаллаштирилган ёки апостил қўйилган ёхуд халқаро шартномаларга мувофиқ расмийлаштирилган маълумотнома асосида амалга оширилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳудудида офатлар юз берганлиги оқибатида ҳужжатларни тиклаганлик учун ундирилмаган тўловлар, мазкур ҳолатлар юзасидан айбдор шахслар (ташкилотлар) мавжуд бўлса, кейинчалик улардан регресс тартибида ундирилади. Офатлар юз берганлиги оқибатида жисмоний шахсларнинг айбисиз ҳужжатлар йўқотилса ёки яроқсиз ҳолга келса, уларга нисбатан жазо чоралари қўлланилмайди.

Aввалроқ Ўзбекистонда меҳрибонлик уйидан чиққан чин етим болаларга уй берилиши ҳамда Ўзбекистонда 16 ёшдан автомобиль бошқаришга рухсат бериш ҳақидаги таклифга муносабат билдирилгани ҳақида хабар қилинганди.