Учкўприкда қиймати 2,5 млрд сўм бўлган боғча фойдаланишга топширилди (фото)

Фарғона вилояти Учкўприк туманида 120 нафар болага мўлжалланган умумий қиймати 2 миллиард 500 миллион сўм бўлган боғча фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Учкўприк туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, Учкўприк туманининг «Собиржон» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 18 давлат мактабгача таълим муассасаси учун икки қаватли замонавий бино қуриб битказилган. Лойиҳа қиймати 2 миллиард 500 миллион сўм бўлган ушбу янги мактабгача таълим муассасаси 120 нафар болага мўлжалланган. Айни кунда мактабгача таълим муассасасида «Оқжар сифат сервис» пудратчи ташкилоти қурувчилари томонидан сўнгги пардозлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Фото: Учкўприк туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Туман ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев мазкур муассасада бўлиб, янги боғчанинг қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишган. Янги муассасани жиҳозлаш, болалар учун янада қулай шарт-шароит яратиш бўйича ўз тавсияларини берган. МТМ ҳовлисига асфальт ётқизиш, электр ва тоза ичимлик суви тармоқларини тортиш, янги трансформатор пункти ўрнатиш каби масалаларни ҳал этиш чораларини кўрган.

Фото: Учкўприк туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, ушбу иншоот 2020 йилда туманда мактабгача таълим муаассасалари учун қурилган иккинчи янги бино ҳисобланади. Бундан аввал туманнинг «Тожик» маҳалла фуқаролар йиғинида 150 ўринли янги мактабгача таълим муассасаси қурилган. Туманнинг «Қурбонқашқар» маҳалла фуқаролар йиғинида қурилаётган яна бир шундай муассаса биноси ҳам фойдаланишга топширилмоқда.

Фото: Учкўприк туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Мактабгача таълим муассасаларининг тумандаги жами сони 103 тага етган. Уларнинг 39 таси давлат, 1 таси давлат-хусусий шериклик, 60 таси оилавий ва 3 таси хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳисобланади.

Аввалроқ Булунғурда 2 миллиард сўмга таъмирланган боғча фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар