Ким Чен Ин Жанубий Корея фуқароси мамлакат ҳудудида отиб ўлдирилгани учун Сеул олдида узр сўради

Шимолий Корея раҳбарии Ким Чен Ин мамлакат ҳудудида жанубий кореялик фуқаро ўлдирилгани учун Жанубий Кореядан кечирим сўраб, хат ёзди. Бу ҳақда Жанубий Корея президенти қароргоҳига таяниб, «Yonhap» хабар қилди.

Фото: «Yonhap»

Сеул берган хабарга кўра, хатда Ким Чен Ин Сариқ денгизда юз берган «шубҳали ҳодиса» билан Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин ва бошқа жанубий кореяликларни ҳафа қилгани учун чуқур афсусда эканини билдирган.

Шимолий Корея «содир бўлмаслиги керак бўлган ҳодиса содир бўлганини» кўрсатган, дея маълум қилади Жанубий Корея расмийлари. Пхеньян ўз қўшинларига денгиз чегараларининг хавфсизлигини таъминлаш жараёнида кейинчалик «кичик хато ёки жиддий тушунмовчиликлар» юзага келмаслиги учун видеоёзув тизимини йўлга қўйишга топшириқ берган.

Шимолий Корея томонининг сўзларига кўра, денгиз чеарасини рухсатсиз кесиб ўтган номаълум эркак соҳил хавфсизлиги сигналларига жавоб бермаган. Шундан сўнг КХДР ҳарбийлари эркак сузаётган кемага яқинлашиб, иккита огоҳлантирувчи ўқ узган. Бунга жавобан эркак яширинишга уринган.

«Кейин ҳарбийлар денгиз чегараси хавфсизлигини таъминлаш учун жанговар ҳаракатларни ўтказиш қоидаларига мувофиқ 40—50 метр масофада 10 дан ортиқ ўқ узган», — дейилади хабарда.

Ҳарбийлар кемада тинтув ўтказганиидан сўнг фақат қон изларии топилган. Эркакнинг жасади бортда бўлмаган. Кейин улар COVID-19 тарқалишини олдини олиш мақсадида фавқулодда ҳолат қоидаларига мувофиқ кемани ёқиб юборган.

Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги 24 сентябрь куни тонгда Шимолий Корея чегараси яқинида ғойиб бўлган Денгизчилик ва балиқчилик вазирлиги ҳузуридаги балиқчилик назорати ходими КХДРда отиб ўлдирилгани, жасади эса ёқиб юборилганини хабар қилган.

«Бизнинг ҳарбийлар бундай шафқатсиз ҳаракатни қатъиян қоралайди, ҳодиса юзасидан изоҳ беришларини ва айбдорларни жазолашларини талаб қилади», — дейилади ҳарбий баёнотда.