Наманганлик баскетболчилар Ўзбекистон чемпионатида 3-ўринни қўлга киритди
Наманганлик ўсмир баскетболчилар Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 3-ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 16—20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида 2004—2005 йилда туғилган ўсмирлар ўртасида баскетбол бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтган. Ушбу мусобақада Наманган вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармасига қарашли Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби 3-ўринни қўлга киритган.
Маълумот учун, Наманган шаҳар Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчилари спортнинг турли йўналишларида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида қатнашиб совринли ўринларни эгаллаган.
Сўнг 1 ой ичида расмий Ўзбекистон чемпионатида ёшлар спортнинг футбол тури бўйича 31 та кумуш ва бронза, волейбол бўйича 12 та кумуш медаль соҳибига айланган. Енгил атлетикадан эса жами 16 та медаль соҳиби бўлиб, шундан, 2 та олтин, 5 та кумуш, 9 та бронзага эга бўлиб қайтган. Чим устида бўлиб ўтган спорт мусобақаларида, хоккей бўйича 12 та кумуш, бадминтон спорт тури бўйича эса 2 та бронза медалига сазовор бўлган.
Аввалроқ Наманганликлар сўнгги 1 ойда спорт турлари бўйича республика чемпионатида 75 та медални қўлга киритгани маълум бўлган эди. Шунингдек, Наманганда 45 та мактабга 11 турдаги спорт анжомлари топширилгани ҳақида хабар қилинди.