Олтинкўлда 12 млн сўмдан ортиқ алиментни тўламаган ота 15 суткага қамалди

Андижон вилояти Олтинкўл туманида 12 миллион 251 минг сўм алимент пулларини тўланмаган отага 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинлади. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, Мажбурий ижро бюроси Олтинкўл туман бўлими иш юритувида бўлган алимент иши бўйича қарздор О.Ортиқов фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 2012 йил 8 августдаги суд буйруғига асосан ундирувчи Б.Парпиева фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзанди учун ҳар ойда ишлаб топган даромадининг учдан бир қисми миқдорида алимент тўлаб бориши белгиланган.

Қарздор О.Ортиқов алиментдан бўлган қарзлари ҳисобланганда 2020 йил 1 октябрга қадар жами 12 миллион 251 минг сўм алимент пуллари тўланмай, қарздорлик йиғилиб қолган. О.Ортиқовнинг алиментдан бўлган қарздорлиги юзасидан тўпланган ҳужжатларни туман маъмурий судига юборган. Суд ишни кўриб чиқиб, алимент пулларини ўз вақтида тўламаган О.Ортиқовга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47(4)-моддасига асосан 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 2018 йил 21 декабрдаги ижро ҳужжатига асосан, қарздор Э.Шокировдан ундирувчи Ф.Саттарова фойдасига 1 нафар фарзанди таъминоти учун алимент ундириш белгинланган. Бюронинг Олтинкўл туман бўлими ходимларининг огоҳлантиришларига қарамай қарздор Э.Шокиров жами 9 миллион 227 минг сўм алимент пулларини тўламай келган. Шу сабабли, Олтинкўл туман маъмурий суди Э.Шокировга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.

Аввалроқ Наманганда алиментдан салкам 2,5 миллион сўм қарзи бор эркак хотини билан ярашиб олганди. Шунингдек, Қўрғонтепада ота фарзанди учун олдиндан 15 миллион сўм алимент тўлаганди.

Янгиликлар