Пастдарғомда йиллик истеъмол учун талаб этиладиган озиқ-овқат миқдори маълум қилинди

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида аҳоли истеъмоли учун бир йилда 15 минг 46 тонна гўшт маҳсулотлари талаб этилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати  хабар берди.

Фото: Пастдарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Халқ депутатлари Пастдарғом тумани Кенгашининг ўн саккизинчи сессиясида аҳоли истеъмоли учун бир йиллик озиқ-овқат ҳисоб-китоб қилинган. Пастдарғом туманида жами 353,7 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.

Қайд этилишича, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бир йиллик талаб ойма-ой ҳисоблаб чиқилган. Туманда гўшт истеъмоли бир йилда аҳоли жон бошига ўртача 42,6 килограммни ташкил этиши аниқланган.

Фото: Пастдарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Ҳисоб-китобларга кўра, аҳоли истеъмоли учун бир йилда жами 15 минг 46 тонна гўшт маҳсулоти талаб этилади. Шунингдек, тухумга бўлган йиллик талаб 76 миллион 300 минг дона, картошка 18 минг 366 тонна, пиёз 7 минг 64 тонна, сабзи 9 минг 183 тонна, ун маҳсулотлари 27 минг 302 тонна ўсимлик ёғига эса, 1 минг 342 тоннани ташкил этади.

Аввалроқ Когон, Ғиждувон, Шофиркон ва Қувасойда 2021 йилнинг май ойига қадар захира қилинадиган озиқ-овқатлар ҳажми маълум бўлганди.