Ўзбекистонда 1-мартдан нима ўзгаради

Ўзбекистонда 2024-йил 1-мартдан кучга кирадиган ўзгаришлар рўйхати йиғилди. Рўйхатни Norma.uz портали эълон қилди.

Озиқ-овқат экспортчиларини молиялаштириш

Озиқ-овқат маҳсулотлари экспортчиларига экспорт олди ва экспорт савдо операцияларини молиялаштириш учун икки йилгача муддатга молиявий манбалар ажратилади.

• $100 минггача — $100 мингдан $1 млн.гача экспорт ҳажми учун;

• $1 млн.гача — $1 млн.дан $2 млн.ча экспорт ҳажми учун;

• $2 млн.гача — $2 млн.дан $4 млн.ча экспорт ҳажми учун;

• $3 млн.гача — $4 млн.дан ошиқ экспорт ҳажми учун.

Қишлоқ хўжалиги майдонлари учун янги ижара тартиби

Қишлоқ хўжалиги учун ер майдонини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон-аукцион савдо тизими жорий этилади.

Шунингдек, очиқ электрон танловга чиқарилган, аммо ғолиби аниқланмаган қишлоқ ҳўжалик ерлари ҳам автоматик тарзда электрон-аукцион савдога чиқарилади.

Божхона тўловларидан озод этиш

2026-йилнинг 1-мартига қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан олиб кирилаётган ва Ўзбекистонда муқобили ишлаб чиқарилмайдиган бир қатор маҳсулотлар божхона тўловларидан озод этилади.

Қуёш панелларини олиб киришда янги талаблар

Техник ҳужжатлари ёки маркировкаси сифат кўрсаткичи саналувчи А, В, С ва Т синфига мансублиги ҳақида маълумотга эга бўлмаган қуёш панеллари мамлакат ҳудудига олиб кирилиши тақиқланади.

Рухсат бериш муолажалари соддалаштирилиши

2024-йилнинг март ойидан:

• лицензияланувчи фаолият ва рухсат берувчи ҳужжатларнинг баъзи турлари бекор қилинади;

• лицензиялаш, рухсат бериш ва хабар бериш соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жаримани 15 кун ичида ихтиёрий тўлаган юридик шахсларга жарима қийматидан 50% чегирма тақдим этилади, жарима 30 кун ичида тўланса, чегирма ҳажми 30%ни ташкил этади.

2025-йилнинг 1-январига қадар тажриба сифатида «Бизнесга — лицензиясиз» тартиби жорий этилади. У рентген аппаратини эксплуатация қилиш ва ветеринария соҳасида лаборатория-таҳлилий ишларни амалга ошириш бўйича фаолиятни бошлаш учун адаптация ва ўтиш даврини кўзда тутади.

Фармацевтика маҳсулотлари давлат томонидан харид қилиниши

Давлат харидларини амалга оширишда давлат буюртмачиси бир лотга фақат бир турдаги фармацевтик маҳсулотни қўшиши мумкин (халқаро патентланмаган номига кўра тиббий мақсадда қўлланилувчи доривор воситалар ва маҳсулотлар).

Ижтимоий ишчи ассистентлари қандай ишлайди

Ижтимоий ходимлар ассистентларининг қариган ёлғиз ва ногиронлиги бор шахслар билан ишлаши учун ҳафтанинг барча кунларида соат асосида эгилувчан иш тартиби жорий этилади.

Ассистентларнинг фаолияьи ойда бир марта қариган шахсларнинг ўзи, маҳалладаги ижтимоий ходимлар ва махсус дастур томонидан баҳоланади. Баҳо натижасидан келиб чиқиб, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ижтимоий ходим ассистентларини рағбатлантиради.

Шаҳар қурилиш соҳасида янги лицензион талаблар

Саноат альпинизми усулида таъмирлаш, қурилиш ва монтаж ишларини эндиликда Ўзбекистонда доимий муассаси бор резидент бўлмаган юридик шахслар ҳам амалга ошириши мумкин.

Кўкаламзорлаштириш бўйича янги талаблар

12 метрдан баланд ва (ёки) умумий майдони 500 кв.м.дан ортиқ янги қурилаётган бинолар ҳудудининг 25% кўкаламзорлаштириш учун ажратилмаган ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмаган бўлса, улар шаҳар комиссияси томонидан қабул қилинмайди.

Атроф-муҳитга таъсирига кўра I ва II тоифага кирувчи саноат корхоналари лойиҳа ҳужжатлари бўйича бериладиган давлат экология эксперизасининг хулосасида ўзи ва атрофидаги ҳудудларда «яшил камарлар» яратиш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ўтказиш бўйича мажбурий талаб келтириб ўтилади.

Бизнесни ривожлантириш компанияси томонидан бизнесни қўллаб-қувватлаш

Компания саноат лойиҳалари бўйича кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун тегишли чора-тадбирларни ўтказади.

Спортчилар учун ID-карталар

Спортчилар Ўзбекистондаги расмий мусобақалар, чемпионатлар ва кубокларда иштирок этиши учун уларнинг спорт тури бўйича тоифасини идентификацион (ID) карта орқали аниқлаш тартиби жорий этилади.

Янгиликлар