«Ўзбеккино» 2020 йил якунигача киносаноатни молиялаштириш учун 100 млрд сўм ва 6 млн доллар маблағ ажратади

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги 2020 йилда миллий киноларни молиялаштириш учун 100 миллиард сўм ва 6 миллион доллар маблағ жалб қилишни режалаштиргани маълум қилинди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2019 йилда умумий бюджети 16 миллиард сўм бўлган 8 та бадиий фильм ишлаб чиқарилган. Бу фильмларнинг кинотеатрдаги намойишларидан тушган даромад сарфланган маблағнинг 1,5 фоиз улушига тўғри келган.

Шунингдек, бир неча миллиард сўмлик давлат томонидан ажратилган маблағга ишланган фильмлар ижараси Aлишер Навоий номидаги киносаройда 2-3 кундан узоқ муддатга чўзилмаган.

Ижтимоий тармоқларда 10 000 киши иштирокида ўтказилган сўровнома ўзбекистонликларнинг 78,8 фоизи «Ўзбеккино»нинг давлат бюджетига ишланган фильмлар кинопрокатдан фойда келтириши лозимлиги ҳақидаги нуқтаи назарини қўллаб-қувватлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ янгиланаётган Aлишер Навоий киносаройида йил охирига қадар 10 дан ортиқ фильм премьераси ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди.