Янгиланаётган Aлишер Навоий киносаройида йил охирига қадар 10 дан ортиқ фильм премьераси ўтказилади (фото)
Тошкент шаҳридаги Aлишер Навоий киносаройида йил охирига қадар 10 дан ортиқ фильм премьераси ўтказилади. Бу ҳақда «Ўзбеккино» миллий агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Aлишер Навоий номидаги киносарой «Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан қайта таъмирланмоқда. Муассаса тез кунда очилиши маълум қилинган.
Қайд этилишича, киносаройда 2020 йил сўнгига қадар 10 дан ортиқ фильмларнинг премьераси ўтказилиши кўзда тутилган. Улар сирасига «Ибрат», «Тенгиз», «Танҳо қайиқ», «Ўзбекча ажрашиш», «Барон-2», «Орзулар қанотида», «Мен террорчи эмасман», «Муҳаббат баҳори», «Маҳмудхўжа Беҳбудий», «Рангсиз тушлар», «Фариданинг икки минг қўшиғи», «Шапатилло ва қизил сумкача» каби киноасарлар киритилган.
Шунингдек, ҳозирда киносаройнинг қаровсиз қолган қисмлари қайта таъмирланиб, жиҳозланмоқда. Киносаройнинг биринчи қаватида ретро автомобиллардан иборат экспонатлар, иккинчи қаватида эса мотоцикллар кўргазмаси ташкил этилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, чипта сотиш хоналари, овқатланиш бурчаклари, кутиш заллари ҳам қайта янгиланаётганлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 15 августдан карантин чоралари юмшатилган. Кейинчалик 15 августдан кейин карантин чекловларидан қайсилари сақланиб қолиниши маълум қилинганди. Сақланиб қолинадиган чекловлар орасида томоша, маданий-кўнгилочар (театр, кинотеатр, концерт заллари, тўйхоналар фаолияти) ва оммавий тадбирлар ўтказиш ҳам бор.