Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигидаги жарималар камайтирилиши мумкин

Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигидаги жарималар миқдорини айбдорлик даражасидан келиб чиққан ҳолда белгилаш таклиф этилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2021 йил 27 январь куни навбатдаги мажлиси ўтказилган. Мажлисда депутатлар «Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо чоралари енгиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилган.

Лойиҳада поездларнинг вагонлари, автотранспорт воситалари ва шаҳар йўловчилар транспортидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш — базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Амалдаги қонунчиликка кўра бу базавий ҳисоблаш миқдорининг бешдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солинади.

Шунингдек, қонун лойиҳасида белгиланаётган нормаларга мувофиқ, йўлларга, темир йўлдан ўтиш жойларига, йўл ҳаракатини тартибга солувчи бошқа иншоотлар ёки техник воситаларга шикаст етказиш, шунингдек, йўл ҳаракатига қасддан, шу жумладан, йўл қопламасини ифлослантириш йўли билан халал бериш, худди шунингдек, автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик, шунингдек, йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида, мансабдор шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солиш белгиланмоқда. Амалдаги қонунчиликда фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима белгиланган.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жарималар миқдорини айбдорлик даражасидан келиб чиққан ҳолда белгилаш ҳамда зарур инфраструктура мавжуд бўлмаган ва мажбурликдан содир этилган қоидабузарликларга нисбатан жарималар миқдорини енгиллаштиришга хизмат қилади.

Маълумот ўрнида, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда тилни эркин танлаш ҳуқуқларини бузганлик учун жарималар миқдори кўпайтирилаётгани ва Ўзбекистон қонунчилигида 1 февралдан нималар ўзгариши маълум қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда тадбиркорни ҳомийликка мажбурий жалб этган шахс 5 йилгача қамалиши хабар қилинган.

Янгиликлар