Ўзбекистонда ҳайдовчиларга қўлланиладиган жарималар миқдори камайтирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилаётгани ва бу билан ҳайдовчиларга қўлланиладиган жарималар миқдори камайтирилишини маълум қилди. У бу ҳақда ўзининг Telegram каналида пост қолдирди.

Фото: «Tez News»

Депутатнинг ёзишича, янги лойиҳага кўра транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши (1286-модда) базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солинади. Бундай ҳуқуқбузарликни ортиб бориши билан жарима миқдорларининг ҳам ортиб бориши бекор қилинмоқда.

«Амалда бу базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида бўлиб, худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Ҳудди шундай ҳуқуқбузарликни икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳудди шундай ҳуқуқбузарликни уч марта ва ундан ортиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади», дейилади хабарда.

Шунингдек, транспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш (123-модда) базавий ҳисоблаш миқдорининг бешдан бир қисми миқдорида жарима белгиланмоқда. (Амалда бу базавий ҳисоблаш миқдорининг бешдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда). Шу билан бирга, йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолганлик (137-модда) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, ЙТҲнинг оғир ёки енгил даражасига қараб жарималар ҳам аниқлаштирилмоқда. Хусусан:

  • йўл транспорт ходисаси қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ходиса юз берган жойдан кетиб қолиши, агар йўл-транспорт ходисаси жабрланувчига енгил тан жарохати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади;
  • йўл транспорт ходисаси қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ходиса юз берган жойдан кетиб қолиши, агар йўл-транспорт ходисаси натижасида ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган оқибатларга нисбатан оғирроқ оқибат келтириб чиқарган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан икки йил муддатга маҳрум этишга ёхуд ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Расул Кушербаевнинг ёзишича, қонун лойиҳасига кўра, эпидемияга қарши кураш қоидалари бузганлик(54-модда) учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари, мансабдор шахсларга ўттиз баравари миқдорида жарима солинади. (Амалда бу фуқароларга йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда бўлган)

«Лойиҳа депутатлар томонидан иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Унгача таклифлардан келиб чиқиб айрим ўзгаришлар бўлиши мумкин», — дейди депутат.

Аввалроқ Ўзбекистонда тўхташ ва тўхтаб туриш қоидасини бузганлик учун жарима қанчага камайтирилаётгани маълум бўлганди.

Янгиликлар