Ўзбекистонда қачондан бошлаб тадбиркорларга фото-видео радарлар ўрнатиш ҳуқуқи берилиши маълум бўлди
Ўзбекистонда қачондан бошлаб тадбиркорларга фото-видео радарлар ўрнатиш ҳуқуқи берилиши маълум бўлди. Бу ҳақда АОКАдаги матбуот анжуманида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров маълум қилди.
«Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2021 йил 1 мартдан бошлаб, тадбиркорлик субъектларига автомобиль йўлларида йўл ҳаракати бузилганини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий техник воситалар ўрнатиш ҳуқуқи берилмоқда», — дейди Эрали Бозоров.
Маълумот ўрнида, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жойларни тадбиркорларга бириктириш электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилади. Электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорларга бундай жойлар чекланмаган муддатга ва бошқа тадбиркорга ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади.
Хусусан, 2021/2022 йилларда республика бўйича жами 3 356 та интеллектуал видеокамералар ҳамда 763 та стационар радарлар ўрнатилади.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Ўзбекистонда телефонда тасвирга олинган йўл қоидабузарликларига ҳам жарима қўлланилиши ҳақида хабар қилинганди.