Ўзбекистон фуқароларига огоҳлантириш: Истанбул аэропортида хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси Туркияга кириб-чиқишда хорижликларга нисбатан назорат тадбирлари кучайтирилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Туркияга кириш ва чиқиш чегара пунктларида ички ишлар органлари ходимлари томонидан мамлакатга келаётган хорижликларга нисбатан қатъий текширувлар амалга оширилмоқда. Ушбу амалиёт доирасида Истанбул халқаро аэропортида асосан 20-35 ёшдаги хорижликларга назорат тадбирлари кучайтирилгани кузатилмоқда.

Ўзининг хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган шахслар билан миграция хизмати ходимлари томонидан суҳбат ўтказилиб, шахсий уяли телефонлари текширилиши ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Терроризм, одам савдоси ва бошқа жиноятларга алоқадорликда гумонланганлар, тақиқланган товарларни олиб ўтишга уринган шахслар «Туркияга кириши исталмаган йўловчи» сифатида баҳоланиб, Туркия ҳудудига киритилмасдан мамлакатига қайтариб юборилмоқда.

Жумладан, 2024 йилнинг январь февраль ойлари давомида Туркияга киритилмаган 163 нафар Ўзбекистон фуқароларидан 54 та нафарини муқаддам Туркияга келиб, қонунбузарлик содир этиб, киришига тақиқ қўйилганлар ташкил этган.

Шу билан бирга, айрим ватандошлардан Истанбул аэропортида полиция ходимларининг қўпол муомаласи ҳақида шикоятлар келиб тушган. Таъкидланишича, бу борада фуқароларнинг барча шикоят ва эътирозлари дипломатик каналлар орқали турк томонига етказилди ва ҳозирги кунда мутасадди ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

«Ўз ўрнида, фуқаролардан маҳаллий қонунларни ҳурмат қилиб, уларга тўлиқ риоя этишларини сўраб, олдин қонунбузарлик содир этиб депорт қилинган фуқаролардан эса Туркияга кириш тақиқи бор ёки йўқлигини Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги Туркия дипломатик ваколатхоналаридан ўрганган ҳолда келишлари тавсия қилинади», — дейилади хабарда.

Янгиликлар