Бўстонлиқ туманига янги ҳоким тайинланди

Ахмедов Жўрабек Илхомович 2020 йил 27 август, пайшанба куни Тошент вилояти Бўстонлиқ туманига ҳоким этиб тайинланди. Ушбу маълумотни «Tez News»нинг манбалари тасдиқлади.

Фото: «ЎзА»

Маълум бўлишича, 27 август куни Халқ депутатлари Бўстонлиқ туман Кенгашининг навбатдан ташқари 12-сессияси бўлиб ўтган. Сессияни бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов очиб берган ҳамда тадбирда Республика бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси масъуллари, вилоят сектори раҳбарлари, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари, туман Кенгашига сайланган депутатлар, туман ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан ўтказилган музокаралар якунига кўра, Аҳмедов Жўрабек Илҳомович Бўстонлиқ тумани ҳокими этиб тайинланган.

Маълумот учун, Жўрабек Аҳмедов бугунга қадар Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмалашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Давлат мулкидан самарали фойдаланиш бош бошқармаси бошлиғи, Давлат активларини бошқариш агентлигининг давлат активларини тасарруф этиш ва мажбуриятларни мониторинг қилиш департаменти бошлиғи ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Инвестицияларни жалб қилиш ва туризм инфраструктурасини ривожлантириш департаменти бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.

Шунингдек, йиғилиш давомида Саидов Ўктам Абдуллаевич Бўстонлиқ тумани прокурори, Шермуҳаммедов Шерзод Абдуллаевич туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва Зокиров Зарифжон Нўъмонович туман солиқ инспекцияси бошлиғи этиб тайинланган.

Аввалроқ Бектемир туманига Жаҳонгир Иброҳимов ҳамда Сергели туманига Элбек Шукуров ҳоким этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар