Сергели туманига янги ҳоким тайинланди

Тошкент шаҳрининг учта туманига ҳокимлар тайинлашга бағишланган Халқ депутатлари туман Кенгашларининг йиғилишида Шукуров Элбек Ҳабибуллаевич Сергели тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, Элбек Шукуров 1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2009 йилда Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган.

Шукуров 2018—2020 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Шунингдек, 2020 йилдан ҳозирги вақтгача Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари сифатида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Косонсой тумани ҳокими ўринбосарлигига Алишер Шералиев, Пайариқ туман халқ таълими бўлими мудирлигига Ўткир Турғунбоев, Ўзбекистон бош вазирининг ташқи меҳнат миграцияси бўйича маслаҳатчиси лавозимига Меҳриддин Хайриддинов, Республика мусиқа ва санъат коллежига раҳбарлигига Илҳом Азимов, Самарқанд вилояти статистика бошқармаси раҳбарлигига Толиб Сидиқов, Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси рахбарлигига Ҳусан Тўхтаев ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимига янги маслаҳатчи этиб Шерали Темиров тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.