Ўзбекистон бош вазирининг ташқи меҳнат миграцияси бўйича янги маслаҳатчиси тайинланди
Меҳриддин Хайриддинов бош вазир маслаҳатчиси — хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти мудири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда бош вазир матбуот хизматига таяниб, «Gazeta.uz» маълум қилди.
Маълумотларга кўра, мазкур лавозимга тайинлангунига қадар Меҳриддин Хайриддинов Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида бош консул лавозимида ишлаб келган. Бош вазир маслаҳатчиси лавозимини 2019 йил август ойидан буён Комил Рашидов эгаллаб келаётганди.
Маълумот учун, Меҳриддин Хайриддинов 1977 йилда Бухоро вилоятида туғилган. У 1999 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетини тугатган. Ғиждувон туманидаги 46-мактабда 2000—2001 йилларда ўқитувчи бўлиб ишлаган. 2001—2008 йилларда у Навоий кон-металлургия комбинатида 1, 2, 3-тоифа муҳандиси, ташқи иқтисодий алоқалар бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Шунингдек, у Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида 2008—2010 йилларда етакчи мутахассис, 2010—2014 йилларда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонасининг 1-котиби, 2014—2017 йилларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармаси бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган. Шундан сўнг 2017—2018 йилларда Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги бош консули бўлган.
Аввалроқ Самарқанд вилояти статистика бошқармаси раҳбарлигига Толиб Сидиқов, Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси рахбарлигига Ҳусан Тўхтаев ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимига янги маслаҳатчи этиб Шерали Темиров тайинлангани ҳақида хабарлар берилганди.