Давлат божхона қўмитаси россиялик блогернинг Ўзбекистондаги чегара пункти ҳақидаги видеолавҳаси юзасидан муносабат билдирди

Давлат божхона қўмитаси россиялик блогер Варламов Илья Александровичнинг Ўзбекистон чегара пункти ҳақидаги видеоинтервьюси юзасидан расмий муносабат билдирди.

«realt.onliner.by»

Маълумотларга кўра, россиялик блогер Варламов Илья Александрович 25 август куни ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеоинтервьюсида Қозоғистондан Ўзбекистонга ўтиш чоғида ўтказиш чегара пунктларидаги фуқаролар ва уларнинг қўл юкларини тегишли назорат тартибларидан ўтказилишига доир шахсий фикрини билдириб ўтган.

Давлат божхона қўмитаси ҳолат юзасидан ўрганишлар олиб борган. Аниқланишича, блогер Варламов Илья Александрович сўнгги 5 йилда Ўзбекистон—Қозоғистон чегарасидаги автомобиль ўтказиш пунктлари орқали умуман ҳаракатланмаган. Фақат 2020 йил 9 февраль куни тонги соат 05:10 да Россиядан Самарқанд аэропортига учиб келган. 10 февраль куни мазкур вилоятдаги «Жартепа» чегара божхона пости орқали Тожикистонга чиқиб кетган.

«Жартепа» чегара божхона постида ҳам ушбу шахс соддалаштирилган тартибда ва тезкорлик билан божхона назоратидан ўтказилган. «Самарқанд халқаро аэропорти» ва «Жартепа» чегара божхона постларида хизмат олиб бораётган ходимлар билан ушбу шахс ўртасида ҳеч қандай тушунмовчиликлар келиб чиқмаган.

«Бугунги кунда барча чегара божхона постлари замонавий сканер қурилмалари билан таъминланган бўлиб, фуқаролар томонидан олиб ўтилаётган қўл юклари ва багажлар тезкорлик билан ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари доирасида божхона назоратидан ўтказилмоқда.

Шунингдек, юртимизга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар учун чегара божхона постларида алоҳида йўлаклар ҳам ташкил этилган. Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади», — дейилади божхона қўмитаси баёнотида.

Aввалроқ Бухорода ноқонуний тарзда салкам 237 миллион сўм божхона тўловларидан имтиёз олганлар ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, 2,7 миллиард сўмлик дори-дармонларни сомон остига яшириб олиб кирмоқчи бўлган шахслар Наманганда ушлангани хабар қилинган.

Ундан ташқари, Ўзбекистонга ноқонуний йўл билан киритилган 5,4 килограмм заргарлик буюмлари божхонада тўхтатиб қолингани ҳамда Самарқандда 48 миллион сўмдан ортиқ дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар