Ўзбекистонга ноқонуний йўл билан киритилган 5,4 кг заргарлик буюмлари божхонада тўхтатиб қолинди (фото)
«Бош почтампт» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида хорижий давлатдан курьерлик ташкилоти орқали юборилган курьерлик жўнатмалари тегишли тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, буюмлар фуқаролар Т.А, И.Ж, Д.Д, Д.Р, Т.С, У.Ш.лар номига юборилган.
Натижада курьерлик жўнатмаларида юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 87 хил турдаги, оғирлиги 5,4 килограмм бўлган, умумий қиймати 81,7 миллион сўмлик заргарлик буюмлари борлиги аниқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Қозоғистондан ноқонуний равишда 190 бош қўй-қўзи олиб ўтган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган эди.