Россиядан 900 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси олиб келинди
Республика махсус комиссияси қарори билан Россиядан 927 нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Республика махсус комиссияси Ўзбекистон фуқароларини Россиянинг Шимолий Кавказ ва Жанубий федерал округларидан олиб келиш учун Тошкент—Ростов-Дон—Тошкент темир йўл рейсини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилганди.
Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан, 2020 йилнинг 23 август куни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ поезди 927 нафар фуқаро билан «Первомайская» станциясидан Ўзбекистонга жўнаган. Мазкур поезд 27 август, пайшанба куни Наманган вилоятига етиб келган.
«Ушбу рейс орқали олиб келинган барча фуқаролар вилоят транспорт бошқармаси томонидан ташкил этилган автобусларда карантин зоналарига етказилган», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Россиядан 1000 нафарга яқин, Нью-Йоркдан 256 нафар, Россия—Қозоғистон чегарасида тўпланган 1850 нафар фуқаро Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Россиядан чартер рейс орқали олиб келинган 501 нафар ўзбекистонлик Самарқанддаги карантин марказига жойлаштирилгани ҳақида маълум қилинганди.