Нью-Йоркдан 31 июль куни яна 256 нафар фуқаро ватанга қайтарилди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг пандемия даврида чет элдаги юртдошларни ватанга қайтариш тўғрисидаги қарорига биноан «Uzbekistan Airways» акциядорлик жамияти томонидан махсус чартер рейслар ташкил этилмоқда, деб хабар беради «Дунё» ахборот агентлиги.
Маълумотларга кўра, сўнги тўртинчи махсус рейс билан Ўзбекистонга жами 256 нафар йўловчи олиб келинди. Шундан 4 нафари чақалоқ. Олиб келинганлардан 238 нафари Ўзбекистон фуқароси, 18 нафар эса америкалик дипломат ва уларнинг оила аъзоларидир.
Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонасида ташкил этилган тезкор штабга март ойидан буён Америкадаги мамлакатларда қийин вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларидан жами 1 881 та мурожаат келиб тушган. Уларни ватанга қайтариш учун июнь ойидан шу кунга қадар «Uzbekistan Airways» акциядорлик жамияти томонидан Нью-Йорк–Тошкент йўналишида ташкил қилинган махсус чартер рейсларда 1 026 нафар инсон Ўзбекистонга қайтарилган.
Ваколатхона хабар беришича, 31 июль ҳолатига кўра, яна 815 киши ватанга қайтиш истагида. Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консуллиги фуқароларимиз билан доимий алоқада бўлиб турибди. Кейинги чартер рейсларда уйга қайтишни истаган йўловчилар рўйхатини шакллантириш ишлари давом эттирилмоқда.
Aввалроқ Киев, Қоҳира ва Россиянинг бир нечта шаҳарларидаги ўзбекистонлик талабалар август ойининг биринчи ўн кунлигида ватанга қайтарилиши ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Ўзбекистондан Россияга доимий авиарейслар қачон тикланиши маълум қилинган.