Косонсойда «Жигули» ҳайдовчиси трактор тиркамасига урилиши оқибатида вафот этди

Наманган вилояти Косонсой туманида 24 октябрь куни Қандиён—Косонсой йўлининг 4-километрида «ВАЗ-2106» («Жигули») ҳайдовчиси трактор тиркамасига урилиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, 24 октябрь куни соат 19:30 ларда Қандиён—Косонсой йўлининг 4 километрида «ВАЗ-2106» автомашинани бошқариб кетаётган ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, шу йўналишда ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган «Т-40А» тиркамали тракторнинг орқасига урилган.

Натижада «ВАЗ-2106» автомашина ҳайдовчиси бош мия оғир ёпиқ шикасти, мия комаси ташхиси билан туман марказий шифохонасининг жонлаштириш бўлимига ётқизилиб, кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамай, вафот этган.

Ушбу ҳолат бўйича туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда туман Ички ишлар бошқармаси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Наманганда бир кунда содир бўлган 2 та ЙТҲ оқибатида 2 нафар пиёда вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар