Бухорода автомобилини кўздан кечираётган ҳайдовчини юк машинаси босиб кетди — видeo

Бухоро вилоятида автомобилини кўздан кечираётган ҳайдовчини «Isuzu» юк машинаси босиб кетди. Бу ҳақда «Sevimli» телеканалининг «Zamon» ахборот дастурида маълум қилинди.

Таъкидланишича, Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнау халқаро автомобиль йўлининг 328-километрида «Lacetti» автомобили ҳайдовчиси машинага техник шикаст етганлиги туфайли йўл четига тўхтаган. Ҳайдовчи автомашинадан тушиб, йўлнинг қатнов қисмига чиқиб кетиши натижасида «Isuzu» юк машинаси фуқарони уриб юборган. Оқибатда «Lacetti» автомашинаси ҳайдовчиси оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.

Бухоро вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ҳамда вилоят Aвтомобиль йўллари бошқармаси бошлиғи мазкур ҳодиса юзасидан суриштирув ишларини олиб борди. Катта магистраль йўлларидаги ЙТҲлар асосан ҳайдовчиларнинг машинада ухлаб қолиши туфайли рўй бериши аниқланди.

Аввалроқ Учкўприкда юк машинаси уриб юборган велосипедчи воқеа жойида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фурқатда «ЗИЛ-130» уриб юборган аёл шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар