Ўзбекистонга COVID-19’га қарши курашда кўмаклашиш учун туркиялик мутахассисларнинг учинчи гуруҳи етиб келди

Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун туркиялик мутахассислар келиши маълум қилинганди. Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов 28 август, жума куни Туркиядан келган мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ билан учрашди, деб хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Учрашувда Туркия ва Ўзбекистон ўртасида тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ҳамкорлик, жумладан, икки давлат тиббиёт ходимларининг биргаликда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланган. Жумладан, қисқа даврда туркиялик мутахассисларнинг учинчи гуруҳи COVID-19’га қарши курашда кўмаклашиш учун етиб келгани, Туркия томонидан юртимизга 50 та замонавий сунъий нафас бериш аппарати (ИВЛ)нинг етказиб берилиши алоҳида эътироф этилган.

Таъкидланишича, 2019 йил декабрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтган соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида биринчи ўзбек-турк бизнес форуми ташкил этилган. Ушбу тадбирда ҳар икки мамлакат соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари томонидан қатор манфаатли келишувларга эришилган.

Жумладан, шошилинч ва тез тиббий хизмат, фармацевтика, тиббий таълим, онкология ва радиология, гематология ва қон қуйиш, педиатрия, акушерлик ва гинекология, хусусий тиббиёт каби қатор муҳим йўналишларда меморандумлар имзоланган.

«Изчил ҳамкорлик самараси ўлароқ, юртимизга келган туркиялик шифокорлар сафида анестезиолог, реаниматолог, пульмонолог, инфекционист, педиатр, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам, биотиббиёт, умумий амалиёт, ички касалликлар, жамоат саломатлиги бўйича малакали мутахассислар жам бўлишгани эътиборга молик», дейилади хабарда.

Учрашувда меҳмонлар Тошкент шаҳридаги Вируслогия илмий текшириш институти, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти, Тошкент вилоятидаги Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Фарғона, Андижон ҳамда Наманган вилоятларидаги ушбу соҳага ихтисослашган шифохоналар, тиббий марказ ва лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишиб, корновирусни аниқлаш, назоратга олиш ва беморларни даволашда маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда амалий фаолият кўрсатишлари режалаштирилгани таъкидланган.

Аввалроқ Андижонда тиббиёт институтида қарийб 10 минг нафар тиббиёт ходими коронавирус беморларини даволашга қайта ўқитилгани, Бухорога коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун 4 нафар россиялик шифокор келгани, Эркинжон Турдимов Самарқандга ташриф буюрган 4 нафар россиялик шифокор билан учрашгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар