Андижон тиббиёт институтида қарийб 10 минг нафар тиббиёт ходими коронавирус беморларини даволашга қайта ўқитилди

Андижон давлат тиббиёт институтида ташкил этилган қисқа муддатли курсларда 9651 нафар шифокор коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун ўқитилди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 29 январдаги «Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида»ги фармойиши ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирининг 22 мартдаги «Коронавирус инфекциясини ташхислаш, даволаш ва олдини олиш бўйича захира мутахассисларни тайёрлаш тўғрисида»ги буйруғига асосан Андижон давлат тиббиёт институтида малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ташкил этилган.

Институт ректори Мадамин Мадазимов ушбу махсус курсларга Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида фаолият олиб бораётган 9651 нафар тиббиёт ходими ҳамда талабалар жалб қилинганини маълум қилган. Маълумотларга кўра, курс тингловчиларининг 3627 нафари олий тоифадаги шифокорлар, 3799 нафари ўрта ва 1426 нафари эса кичик тиббиёт ходимлари, 269 нафари клиник ординаторлар ҳисобланади. Шунингдек, 95 нафар магистратура ҳамда 435 нафар бакалавриат йўналишида таҳсил олувчи битирувчи ҳам ушбу курсларга жалб қилинган.

«Бугунги вазият ҳамда ҳукумат комиссияси томонидан берилган топшириқлардан келиб чиқиб, июль ойида 69 нафар институт профессор-ўқитувчиси ҳамда 129 нафар тиббиёт ҳамда жамоат саломатлиги техникумлари ўқитувчиси тиббиёт ходимларини пульмонология мутахассислиги бўйича ўқитиш мақсадида қисқа муддатли курсларда малака оширди. Улар томонидан эса шу кунга қадар Андижон ҳамда Наманган вилоятларидаги даволаш-профилактика муассасаларида меҳнат қилаётган 274 нафар шифокор онлайн тартибда пульмонология мутахассислиги бўйича қайта ўқитилди. Шунингдек, ҳозирда 200 нафар шифокор инфекционист мутахассислиги бўйича ҳам ўқитилмоқда», — дейди Мадамин Мадазимов.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирус касаллари сони камайганига қарамай, нега ҳали ҳам чет элдан шифокорлар таклиф этилаётгани сабаби маълум қилингани ҳамда Бухорога коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун 4 нафар россиялик шифокор келгани хабар берилган эди.

Янгиликлар