Булоқбошида тиббиёт бирлашмаси диспетчерларига 2 ой маош тўланмагани ҳақидаги хабар рад этилди

Андижон вилояти Булоқбоши тумани ҳокимлиги туман тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган диспетчерларга ойлик берилмаётгани юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, 2020 йил 27 октябрь куни ижтимоий тармоқларда «Булоқбоши тумани тиббиёт бирлашмасида диспетчер бўлиб ишга кирган қизларга август ойидан буён маош берилгани йўқ. Бухгалтерияга мурожаат қилинса меҳнат биржа бериш кераклигини айтишяпти. Яна қанча кутиш керак?» номли хабар тарқалган. Ушбу ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.

Булоқбоши тез ёрдам станциясига 7 нафар тақсимловчи, ҳудудий тез ёрдам таянч пункти Раиш қишлоқ врачлик пункти ҳудуди учун 5 нафар фельдшер, жами 12 нафар қиз пандемия даврида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, чақирувларга ўз вақтида етиб боришни йўлга қўйиш ва ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида август ойидан жамоатчилик асосида ишга қабул қилинган эди. Мурожаатда ушбу ходимларнинг 2020 йил август ойидан буён ойлик иш ҳақларини олмаганлиги баён этилган.

«Лекин 2020 йил август ва сентябрь ойлари учун ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб қилинган ушбу фуқароларнинг ойлик маошларини 2020 йилнинг 7 октябридан 10 октябрь кунигача нақд пул кўринишида тўлиқ тарқатилган. Ойлик маошларини кечикиб тўланишига сабаб, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳисоб рақамида маблағ бўлмаган», — дейилади муносабатда.

Шунингдек, муносабатда Марказ икки ойлик, яъни август, сентябрь ойлари учун 2020 йилнинг 30 сентябрь куни 19 534 814 сўм маблағни туман тиббиёт бирлашмаси ҳисоб рақамига ўтказиб бергани ва ушбу фуқароларга тарқатиб берилгани таъкидланган.

Фото: Булоқбоши туман ҳокимлги ахборот хизмати

Фото: Булоқбоши туман ҳокимлги ахборот хизмати

Фото: Булоқбоши туман ҳокимлги ахборот хизмати

Аввалроқ Ғузордаги заводда норозилик намойиши уюштирган ишчиларнинг 3—4 ойлаб маош олмагани рад этилган эди. Шунингдек, Бухорода 1 ноябрдан бошлаб синф раҳбарларига 160 минг сўмдан устама берилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар