«Ўзавтосаноат» имтиёз ва преференциялардан маҳрум қилиниши мумкин

Президент «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Фармонга биноан «Ўзавтосаноат» АК трансформацияга учраган корхоналар рўйхатига киритилган.

Таъкидланишича, рўйхатдан «Навоий кон-металлургия комбинати», «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз», «Ҳудудгазтаъминот», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзкимёсаноат», «Ўзбекистон почтаси», «Ўзбектелеком», «Ўздонмаҳсулот», «Ўзбекистон темир йўллари», «Uzbekistan Airways», «Uzbekistan Airports» ва бошқа корхоналар ўрин олган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат активлари агентлиги 2020 йил 1 декабрга қадар рақобат муҳитига таъсир қиладиган имтиёз ва преференцияларни хатловдан ўтказиб, уларни бекор қилиш бўйича қарор лойиҳасини Президент администрациясига киритади.

Корхоналарни трансформация қилиш жараёнлари билан биргаликда улар фаолият юритадиган соҳада бозор муносабатлари тамойилларига тўлиқ ўтиш, рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда хусусий секторни жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, Молия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 24 та штат бирлигидан иборат Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш департаменти ташкил этилиши белгиланди.

Аввалроқ «UzAuto Motors» автомобиллар нархини пасайтириш имконсиз эканлигини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «UzAuto Motors» Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан судга шикоят қилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар