«UzAuto Motors» чет давлатларига қараганда Ўзбекистонда автомобилларнинг нархи 20—50 фоизга юқори эканини рад этди (фото)

«UzAuto Motors» АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилгани ҳақида хабар берилганди. Акциядорлик жамиятининг қўмита махсус комиссияси қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича навбатдаги суд 9 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди биносида бўлиб ўтди, деб хабар берди «Tez News» мухбири.

Фото: «Tez News»

Суд жараёнига кўра, Монополияга қарши курашиш қўмитаси (МҚКҚ) вакили «UzAuto Motors» автомобилларининг таннархи асоссиз оширилгани, Ўзбекистонда чет давлатларига қараганда нархлар 20—50 фоизга юқори эканлигини маълум қилди. «UzAuto Motors» АЖ вакили эса ушбу маълумотни рад этди.

Фото: «Tez News»

«Монополияга қарши курашиш қўмитаси текширувга жалб этган экспертларнинг салоҳиятсизлиги мижозлар базамизнинг бир қисмининг кўнгли совишига олиб келганлигидан афсусдамиз. Оммавий майдонда эълон қилинган шошилинч популистик баёнотлар ўн минглаб одамлар томонидан давлат кафолати сифатида қабул қилинди, тартибга солувчининг қарори устидан судда эътироз билдириш мумкинлиги борасидаги изоҳ эса кўп ҳолда беэътибор қолди. Натижада қўмитанинг масъулиятсизлик билан қилган хатти-ҳаракати орқали расмий шахслар баёнотига бўлган ишончга путур етди», — дейди «UzAuto Motors» юридик бошқармаси раҳбари Рустам Шаймардонов.

Шунингдек, судда МҚКҚ вакили қарши томонга савол билан мурожаат қилди. Унга кўра, автомобиллар маълум муддатдан кейин эскиради. Шу муддат оралиғида тўпланган амартизацион харажатлар эса технологияни янгилашга ишлатилиши керак. «UzAuto Motors» 10 дан ортиқ моделдаги автомобилларни ишлаб чиқарган. Аммо уларнинг ишлаб чиқарилган муддати 5—7 йилдан ошиб кетган. Кураш қўмитаси вакили Ҳозирги кундаги амартизацион харажатлар нималарга сарфлангани маълум қилинишини сўраганига жавобан «UzAuto Motors» АЖ автомобилларнинг ташқи кўриниши шу давргача ўзгармаган бўлса-да, унинг ички эҳтиёт қисмларига ўзгартиришлар киритилганини қайд этди.

Фото: «Tez News»

Бундан ташқари, аризачи вакили томонидан судга илтимоснома киритилиб, жамиятда ўтказилган текширишга асос бўлган ҳужжатларни тақдим этиш сўралди. Мазкур илтимосномани қаноатлантириш тўғрисида суд ажрим қилди.

Фото: «Tez News»

Шунингдек, «UzAuto Motors» АЖ вакили томонидан дастлабки суд мажлисида киритилган илтимосномани муҳокама қилишни, яъни жамият томонидан ишлаб чиқариладиган товарларнинг таннархи шакллантирилишида махфий ҳужжатларга асосланилганлиги, МҚКҚ томонидан эса ушбу ҳужжатлар тегишли тартибда ўрганилмасдан қарор қабул қилинганлигини айтилди. Шу сабабли ўтказилган текшириш ва қабул қилинган қарорга нисбатан ўз эътирозларини билдиришлари лозимлигини маълум қилиб, судга «махфий» грифи остидаги ҳужжатларни тақдим этиб, суд мажлисини мазкур муҳокама қисмини ёпиқ тарзда ўтказиш сўралди.

Фото: «Tez News»

Маълумот ўрнида, ушбу илтимосномани муҳокама қилиш ва суд муҳокамасига тақдим этилган қўшимча далилларни ўрганиш учун ишни кўриш кейинга қолдирилди. Навбатдаги суд мажлиси 2020 йил 16 октябрь куни соат 10:00 да ўтказилади.

Маълумот учун, июль ойида Расул Кушербаев «UzAuto Motors» компаниясининг тез ёрдам учун автомобилларни оширилган нархда сотаётганини танқид қилгач, компания бу айбловларга муносабат билдирган. Шу ой охирида депутатлар томонидан «UzAuto Motors» «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларига риоя қилаётганлигини текшириш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисига депутатлик сўрови юборилган. Шундан сўнг қўмита «UzAuto Motors»га нисбатан иш қўзғатган ва дастлабки қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. 19 август куни эса кураш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобиль нархларини 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача оширганини кўрсатган ва асоссиз киритилган харажатлар истеъмолчига қайтарилиши ҳақида қарор чиқарган эди. Бунга жавобан «UzAuto Motors» автомобиллар нархини пасайтириш имконсиз эканлигини маълум қилган.

Aввалроқ «UzAuto Motors»га нисбатан қўзғатилган иш видеоконференцалоқа тартибида кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик қўзғатилган иш давомида аниқланган дастлабки қонун бузилиш ҳолатлари маълум қилинган.

Янгиликлар