Жондорда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича 89 та лойиҳа амалга оширилади

Бухоро вилояти Жондор туманида қиймати 736 миллиард 246 миллион сўмлик 89 та инвестиция лойиҳалар амалга оширилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Жондор туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Туман ҳокимининг ўринбосари, инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Исроил Ботировнинг айтишича, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс чора тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра, туманни 2020—2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури доирасида қиймати 736 миллиард 246 миллион сўмлик (шундан ўз маблағи 296 миллиард 100 миллион сўм, банк кредити 67 миллиард 300 миллион сўм, хорижий банк кредити 30 миллион 600 минг доллар, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 6 миллион 400 минг доллар) 89 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши натижасида туман миқёсида 1 минг 468 та янги иш ўрни яратилишига эришилади.

Бунда саноат йўналишида қиймати 225 миллиард 700 миллион сўмлик 31 та лойиҳа (550 та ишчи ўрни), хизмат кўрсатиш йўналишида қиймати 62 миллиард 800 миллион сўмлик 23 та лойиҳа (159 та ишчи ўрни), қишлоқ  хўжалиги  йўналишида қиймати 447 миллиард 700 миллион сўмлик 35 та лойиҳа (759 та ишчи ўрни) амалга оширилади. Шундан 2020 йилда қиймати 272 миллиард 700 миллион сўмлик 56 та лойиҳа (636 та иш ўрни) ва 2021 йилда қиймати 463 миллиард 500 миллион сўмлик 33 та лойиҳа (832 та иш ўрни)ни ташкил этади.

Хабарда бугунги кунга қадар 106 миллиард 300 миллион сўмлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилиши эвазига 27 та лойиҳа ишга туширилиб, натижада 293 та янги иш ўрни яратилгани таъкидланган.

Бундан ташқари, йил охиригача саноат йўналишида «Яккатут савдо ишлаб чиқариш» МЧЖ томонидан қиймати 18 миллиард сўмлик, йиллик 10 минг тонна қувватга эга бўлган уруғли донни қайта ишлаш цехи, «Малимо текс» МЧЖ томонидан умумий қиймати 4 миллиард сўмлик, йиллик 120 пагонометр қувватга эга бўлган одеял ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга тушади.

Хизмат кўрсатиш йўналишида «Жондор Голд Метан» МЧЖ томонидан қиймати 8 миллиард 100 миллион сўмлик, 40 ўринли меҳмонхона ва умумий овқатланиш маскани, «Шириноза Бунёдбек» нодавлат мактабгача таълим муассасаси томонидан умумий қиймати 2 миллиард 400 миллион сўмлик, 100 ўринли болалар боғчаси ишга тушади.

Аввалроқ Ўзбекистонда энергетика соҳасига 1 йил ичида 2 миллиард доллар сармоя киритилиши, Ромитанда сўнгги икки йилда 808,3 миллиард сўмлик 45 та лойиҳа амалга оширилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар