Ўзбекистон аҳолиси электр энергиясидан қанча миқдорда қарздорлиги маълум қилинди

Ўзбекистонда электр энерегияси бўйича 3 триллион 500 миллиард сўм қарздорлик мавжуд. Бу ҳақда АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов маълум қилди.

Фото: «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати

Хабарга кўра, электр энергияси бўйича энг катта қарздорлик Самарқанд вилоятида.

«Электр энерегияси бўйича энг катта қарздорлик Самарқанд вилоятида: 655 миллиард сўм. Бу жами кўрсаткич, яъни юридик ва жисмоний шахсларнинг умумий қарздорлиги. Айни вақтда республикамиз бўйича 3 триллион 500 миллиард сўм қарздорлик мавжуд.

1 декабрь ҳолатига кўра, аҳолининг электр энерегиясидан қарздорлиги — 2 триллион 340 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. 1 октябрь ҳолатига кўра, бу қарздорлик — 2 триллион 380 миллиард сўм бўлган. 2 ой ичида ушбу қарздорлик ҳолати 40 миллард сўмга камайишига эришилди. Бу — айнан биллинг тизими жорий қилиниши натижаси», — дейди Жаҳонгир Обиджонов.

Аввалроқ Оҳангаронда 3500 дан ортиқ хонадоннинг бир ойлик истеъмол газини ўғирлаган корхона аниқлангани ва Сурхондарёда олтита туманни электр энергия билан таъминлайдиган ГЭС ишга туширилиши ҳақида хабар қилинганди.