Оҳангаронда 3500 дан ортиқ хонадоннинг бир ойлик истеъмол газини ўғирлаган корхона аниқланди

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида 3500 дан ортиқ хонадоннинг бир ойлик истеъмол газини ўғирлаган корхона аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 7 декабрь куни Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани, Нуробод қўрғонида жойлашган МЧЖга қарашли газоблок ишлаб чиқариш корхонасининг табиий газдан фойдалиниш ҳолати ўрганилганда, жамият томонидан ноқонуний равишда табиий газдан фойдаланган ҳолда, оҳак маҳсулоти ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги маълум бўлган.

Мазкур жамият «Ҳудудгаз Тошкент» МЧЖ томонидан 2019 йил 2 декабрда берилган 0332-сонли техник шартга кўра қиш мавсумида табиий газ етказиб берилиши кафолатланмаган истеъмолчилар тоифасига киради. Бундан ташқари, 2020 йил 1 ноябрь ҳолатига жамиятнинг табиий газдан 135 миллион сўм дебитор қарздорлиги мавжуд бўлсада, давлат мулкини талон-торож қилиш мақсадида жами 313 та ностандарт газ ёндиргичлари билан жиҳозланган, 3 та хумдонларда (ўлчами 4х25 метр) оҳак маҳсулоти тайёрланаётганлиги аниқланган.

«Ҳудудгаз Тошкент» газ таъминоти филиали ва МЧЖ ўртасида 2020 йил 1 июль куни тузилган шартномада ҳам жамиятда фақатгина газобетон ишлаб чиқариш ускунаси ҳамда маиший газ жиҳозлари кўрсатилган. Шу билан бирга, газобетон ишлаб чиқариш ускунаси ҳамда маиший газ жиҳозларида сарфланган газ миқдорлари ҳисобини юритиш учун ўрнатилган «Флоугаз» русумли ҳисоблагичи ҳам носоз бўлганлиги таҳмин қилинмоқда.

Бунга сабаб, 2020 йилнинг 27 ноябрь кунидан олдинги архив маълумотлари мавжуд эмаслиги ҳисобдонга ташқи таъсир кўрсатилган деб ҳисобланмоқда. Ҳолат аниқланган вақтда тармоқдаги табиий газ босими 2,7 кгс/см2 ни ташкил қилганлиги боис, газ таъминоти филиали томонидан амалга оширилган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра жами 3 миллиард 189 миллион 417 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланиб, ҳозирда бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

«Мазкур 3 189,5 минг метр куб табиий газ билан ўртача 3 500 дан зиёд ҳовли уйларнинг бир ойлик эҳтиёжини қондириш имконини беради. Юқоридагилардан келиб чиқиб, куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз равишда энергия ресурслари билан таъминлаш мақсадида, тезкор гуруҳлар томонидан жойларда олиб борилаётган ўрганиш ишлари давом эттирилаётганлигини билдирамиз», дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Сергелида салкам мингта оиланинг бир ойлик истеъмол газини ўғирлаган қозонхона аниқланган эди. Шунингдек, Тошкентдаги 3 та цех кунига 500 та xонадонга етадиган газ сарфлаётгани аниқланган.