Ўзбекистонда аҳолидан қайта ишланадиган фойдали чиқинди сотиб олинади

Кўп қаватли хонадонларда аҳолини чиқиндини саралаган ҳолда шохобчага олиб боришга рағбатлантирадиган тизим жорий этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 29 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидлади.

Бунда Экология жамғармаси ҳисобидан аҳолига махсус чиқинди пакетлари бепул берилади, аҳоли чиқиндини қайта ишланадиган, қайта ишланмайдиган ва органик тоифага ажратиб, шохобчага олиб боради. Тадбиркор эса қайта ишланадиган фойдали чиқиндини аҳолидан сотиб олади.

Ушбу тизим дастлабки босқичда Тошкент, Андижон, Бухоро, Термиз, Ангрен шаҳарлари ва Тошкент туманидайўлга қўйилиши белгиланди.

Ушбу ҳудудлардаги кўп қаватли уйлар яқинидаги  чиқинди йиғиш майдонларида «қайта ишланадиган» тоифага мансуб чиқинди турлари сотиб олиш йўли билан қабул қилиниши ҳақида «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилганди.

Ҳужжатга кўра, қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш тизимини бошқичма-босқич ташкил этиш учун 2024—2026 йилларда Тошкент, Ангрен, Андижон, Бухоро ва Термиз шаҳарларида ҳамда Тошкент туманидаги кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудлардаги чиқинди йиғиш майдончаларида чиқиндиларни  «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган» ва «озиқ-овқат» тоифаларига ажратган ҳолда йиғиш ташкил этилади.

2024 йил 1 июлга қадар мазкур ҳудудларда хизмат кўрсатувчи санитар тозалаш корхоналари томонидан чиқиндиларни тоифаларига ажратган ҳолда тўплаши учун қуйидаги турдаги махсус (QR-код — матрицали штрих кодли) чиқинди пакетлари билан фуқаролар бепул таъминланади:

  • қайта ишланадиган маиший чиқиндилар учун — шаффоф, рангсиз;
  • қайта ишланмайдиган маиший чиқиндилар учун — қора ранг;
  • озиқ-овқат чиқиндилари учун — жигарранг.

Қайта ишланадиган қаттиқ маиший чиқиндилар чиқинди йиғиш майдончаларида санитар тозалаш корхоналари томонидан сотиб олинади.

Янгиликлар