Бухородаги учта майдонда тест синовлари олдидан тайёргарлик ўқув-машғулот ўтказилди (фото)
Бухоро вилоятида 29 август, шанба куни тест синовлари ўтказилиши белгиланган очиқ майдонларда тайёргарлик ўқув-машғулот ўтказилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, «Бухоро» спорт мажмуаси, «Умид» спорт соғломлаштириш маркази ўйингоҳлари, «Дилкушо» теннис спорт мажмуаси кортларида шартли абитуриентлар иштирокида тест синовлари ўтказилган. Шартли тест синовлари ўтадиган жойларда зарур шароитлар яратилиб, ҳудудга киришда назорат постлари ташкил қилинган.
Мавзуга доир: Бухорода ОТМларга кириш имтиҳонлари ўтказиладиган ҳудудларнинг геожойлашуви эълон қилинди
Шунингдек, дезинфекция туннеллари, кузатув камералари, шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари абитуриентлар иштирокида апробациядан ўтказилган. Абитуриентларга кириш постларида тиббий ниқоб, қўлқоп, шартли тест саволлари тарқатилган.
Хабарда айтилишича, жараён вилоят ҳокимлиги, Санитария-эпидемиология осойишталик маркази, ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия, соғлиқни сақлаш бошқармаси, ДТМнинг вилоят бўлими ва бошқа масьул ташкилотлар вакиллари томонидан назорат қилиб борилган.
Аввалроқ Андижонда тест синовлари олдидан тайёргарлик ўқув-машғулот ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.