ИИВ «Қуръони карим»га ҳурматсизлик кўрсатиб, видео олган «атеист»га жиноят иши очилганини маълум қилди

Ички ишлар вазирлиги 29 октябрь куни ижтимоий тармоқларда ўзини «атеист» деб таништириб, «Қуръони карим»га нисбатан ҳурматсизлик акс этган видеолавҳа суратга олиб, ижтимоий тармоққа жойлаган шахсга жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган суриштирувлар давомида мазкур шахс Мингбулоқ туманидан бўлган Ш.Т. эмаслиги аниқланган. Ўтказилган текширув ҳаракатлари натижасида ушбу видеотасвирни суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган шахс аниқланиб, терговга қадар текширув ҳаракатларига жалб қилинган.

Текширув натижасига кўра, мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қайд этилишича, жиноят иши бўйича тергов натижасига кўра, қўшимча маълумот бериб борилади.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси «Қуръони карим»ни оёқ ости қилиш ҳолатини қаттиқ қоралашини ҳамда бундай ҳаракат ҳеч қайси диний таълимотга ҳам, ақлга ҳам, умуман олганда, инсонийлик тамойилига ҳам тўғри келмаслигини билдириб, ушбу шахснинг ҳаракатлари қонуний асосда кўриб чиқилишини таъкидлади:

«Кези келганда, мўмин-мусулмон юртдошларимизга бундай манфур хатти-ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки ақлни ишлатиб муносабат билдириш лозим эканини таъкидлаймиз. Чунки қонун ҳужжатларига мувофиқ миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар жавобгарликка асос бўлади. Шундай экан, бу фуқаронинг қилмиши ҳам, албатта, қонуний асосда кўриб чиқилади».

Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги карикатура билан боғлиқ баҳсларга муносабат билдиргани ҳамда сохта пайғамбарлик даъвоси ҳақида тарқалган видео юзасидан расмий муносабат билдирилгани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар