Тошкентда дарахтга бориб урилган «Malibu» ёниб кетди

Тошкент шаҳри Aбдулла Қодирий кўчасида 29 ноябрь куни «Malibu» дарахтга урилиши оқибатида машина мотор бўлинмасида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Кадр: Telegram

Хабарга кўра, воқеа 28 ноябрдан 29 ноябрга ўтар кечаси соат тахминан 3.40 ларда Aбдулла Қодирий кўчасида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, машина дарахтга урилган. Ўша пайтда ушбу йўналишда ҳаракатланаётган ва автоҳалокатга гувоҳ бўлган ҳайдовчилар «Malibu» ҳайдовчиси ва унинг йўловчисини қутқариб қолган ҳамда воқеа гувоҳларидан бири жабрланганларни ўз машинасида касалхонага олиб борган.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, «Malibu» ҳайдовчиси ва йўловчиси енгил тан жароҳати олган, уларнинг ҳолати қониқарли деб баҳоланмоқда.

Воқеа жойида фуқаро З.С. ва Н.Ф. лар автомобилдан чиқарилганидан сўнг, «Malibu» мотор бўлинмасида ёнғин содир бўлган, бу ҳақда гувоҳлардан бири 101 тез ёрдам рақами орқали хабар берган. Ёнғин ҳақида тахминан соат 03:30 ларда ФВБга хабар берилган, чақирув асосида воқеа жойига зудлик билан ёнғин хавфсизлиги ходимлари етиб бориб, соат 03:54 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган. Ҳозирги вақтда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан автоҳалокат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода «Nexia» бетон тўсиққа урилиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлгани, Ургутда «Жигули» бошқарувини йўқотган йигит велосипеддаги синфдошининг ўлимига сабабчи бўлгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар