Тошкент шаҳрининг 2021 йил учун бюджет захира жамғармаси ҳажми маълум бўлди

Тошкент шаҳар ҳокимининг «2021 йил учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси 27 декабрь куни эълон қилинди.

Фото: «Tez News»

Қарор билан қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳамда туманлар маҳаллий бюджетлари ўртасида тақсимланади:

  • якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ва газ реализация қилишдаги акциз солиғи;
  • айланмадан солиқ;
  • юридик шахслардан олинадиган мулк солиғи;
  • юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ.

Шунингдек, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар тўлиғича ўтказилади:

  • электр станциялари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат божлари (патент божи ва лицензия берганлик учун давлат божларидан ташқари);
  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Давлат бюджетига ундириладиган жарималар;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулк, маҳаллий ҳокимликлар активлари бўйича давлат юнитар корхоналари соф фойдасидан ажратмалар ва дивидендлар;
  • харид қилганлик учун ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказиш вақтида автотранспорт эгалари (фойдаланувчилари) томонидан тўланадиган йиғим.

Бундан ташқари, қуйидаги солиқ турлари туманлар буджетига тўлиқлигича ўтказиб берилади:

  • жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
  • жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
  • жисмоний шахсларнинг мулкларни ижарага беришидан олинадиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат активларини ижарага бериш ва хусусийлаштиришдан тушадиган даромадлар;
  • мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғи ва алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво учун акциз солиғидан тушумлар 2020 йил 1 июль ҳолатига кўра Тошкент шаҳар аҳолисини республика аҳолисидаги улушига мувофиқ ўтказиб берилади.

Қайд этилишича, 2021 йилда Тошкент шаҳри умумтаълим муассасаларини, мактабгача таълим ташкилотларини, соғлиқни сақлаш муассасаларини ва ичимлик суви билан таъминлаш тизими объектларини лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш), капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга доир харажатлар Тошкент шаҳрининг шаҳар буджетидан молиялаштирилади.

Шунингдек, 2021 йилдан бошлаб барча иссиқлик энергиясини етказиб берувчи корхоналар томонидан кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматлари учун тартибга солинадиган нархлар (тарифлар) бўйича дастлаб Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий органлари хулосаларига кўра, тегишинча халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорлари билан маъқулланганидан сўнг Тошкент шаҳар ҳокими томонидан тасдиқланади. Қонунга асосан, 2021 йил учун Тошкент шаҳрининг шаҳар буджети захира жамғармаси ҳажми 28,8 миллиард сўм миқдорида белгиланади.

Аввалроқ Сенат мажлисида 2021 йилги давлат бюджети тасдиқлангани ва Ўзбекистонда ўтган 9 ойда қанча бюджет маблағлари асоссиз сарфлангани маълум бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистонда иқтисодий соҳада 2019–2020 йилларда 2,5 мингга яқин коррупционер мансабдорлар жавобгарликка тортилгани ҳамда Ўзбекистонда ўтган икки йилда қанча мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этгани хабар қилинганди.

Янгиликлар