Сирдарёда 9,2 миллиард сўмлик ноқонуний майнинг-ферма фаолиятига чек қўйилди

Корея ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган 3 нафар гумондор 9,2 миллиард сўмлик 3 529 дона компьютер қурилмасидан ва 265,2 миллион сўмлик электр энергиядан қонунга зид равишда фойдаланиб келганлиги айтилмоқда.

Фото:  «Газета.uz»

Хабарга кўра, Ховос туманида яшовчи фуқаро Э.Д.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилган. Аниқланишича, фуқаро Х.И. компьютер эҳтиёт қисмларидан (видеокарта, блок питания, хотира картаси, плата) қўлбола усулда ясалган, катта ҳажмдаги крипто-актив қурилмаларидан лицензиясиз фойдаланиб келган.

Қайд этилишича, тадбир давомида электр энергиясидан фойдаланиш ҳолати ўрганилган. Унда, 265,2 миллион сўм миқдорида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган.

Шунингдек, фуқаро Э.Д. ва Х.И.лардан тахминий қиймати 9,2 миллиард сўмлик 11 турдан иборат жами 3 529 дона компьютер қурилмалари ва бошқа турдаги товар-моддий бойликлари ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олинган.

Суриштирув натижасига кўра, бундай ноқонуний фаолиятни Корея давлати фуқароси S.Y. ва Ўзбекистон фуқароси Х.И. лар ўзаро олдидан тил бириктириб, амалга ошириб келаётгани маълум бўлган.

Ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар