Фарғонада халқаро ўқув курсини тамомлаган 5 нафар ўқитувчи вилоят ХТБ томонидан тақдирланди

Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан АҚШнинг «Coursera» ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган онлайн ўқув курсларни юқори кўрсаткичлар билан тамомлаган фарғоналик 5 нафар инглиз тили ўқитувчиси вазирлик томонидан ноутбук билан тақдирланган эди. Вилоят халқ таълими бошқармаси 29 октябрь куни ғолибларни тақдирлаш тадбирини ташкил этди.

Фото: Фарғона вилояти ХТБ ахборот хизмати

Маъум бўлишича, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Долимов совриндор бўлган 5 нафар инглиз тили ўқитувчисига бошқарманинг фаҳрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғаларини топширган. Танлов ғолиблари Фарғона тумани 4-ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Юлдашева Дилзода, Учкўприк тумани 2-ИДУМ ўқитувчиси Избосарова Дилрабо, Фарғона шаҳар 3-мактаб ўқитувчиси Носирова Нилуфар, Фарғона шаҳар 28-мактаб ўқитувчилари Мирсалиева Лейла ва Валиева Муаттархон тадбирда онлайн ўқув курсларидан олган янгиликлари ва ўзлари тайёрлаб келган тақдимотларини ҳамкасбларига намойиш этган.

Фото: Фарғона вилояти ХТБ ахборот хизмати

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига ушбу халқаро сертификатлар АҚШ, Канада, Австралия ва кўплаб Европа мамлакатларида тан олиниши ва сертификат эгалари ўзларининг онлайн фрилансинг фаолиятларини йўлга қўйиб, қўшимча даромад олишлари мумкинлиги хақида ҳам батафсил маълумот берилган.

Фото: Фарғона вилояти ХТБ ахборот хизмати

Маълумот учун, Фарғонада фаолият кўрсатаётгани инглиз тили ўқитувчилари «Coursera» онлайн ўқув курсининг турли хил йўналишлари бўйича жами 481 та халқаро сертификатга эга бўлган.

Аввалроқ Шофирконда 11-синф ўқувчиси бир нечта халқаро сертификатни қўлга киритгани, икки нафар ўзбекистонлик халқаро тоифадаги инструктор сертификати билан мукофотлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар