Самарқанд шаҳрининг айрим кўчаларида 1 ноябрь куни транспорт ҳаракати чекланади

Самарқанд шаҳрида 1 ноябрь куни «Халқаро хайрия марофони» шиори остида «Samarkand Half Marathon» (яриммарафон) ўтказилиши муносабати билан шу куни 07:00 дан 13:00 га қадар айрим кўчаларда транспорт ҳаракати чекланади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, Самарқанд вилояти ҳокимининг 2020 йил 23 октябрдаги чора-тадбирлар режаси ҳамда шаҳар ҳокимининг фармойишига асосан, Самарқанд шаҳрида 1 ноябрь куни «Халқаро хайрия марофони» шиори остида «Samarkand Half Marathon» (яриммарафон) ўтказилади. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳрининг қуйидаги кўчаларида транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади:

  • Регистон кўчасида жойлашган нон бозорчаси олдидан Даҳбед кўчасигача бўлган қисмида;
  • Қўшҳовуз кўчасининг Чорраҳа кўчаси билан туташмасидан Ислом Каримов кўчасигача бўлган қисмида;
  • Имом Ал-Бухорий кўчасининг «Сиёб» деҳқон бозори Шоҳи Зинда кўчасигача бўлган қисмида;
  • Мароқанд кўчасининг Имом Ал-Бухорий кўчаси билан кесишган чорраҳасидан Ибн Сино кўчасигача бўлган қисмида;
  • Воҳид Абдуллаев кўчасининг Ибн Сино кўчаси билан туташмасидан Ҳазрати Хизр масжидигача бўлган қисмида;
  • Ислом Каримов кўчасининг Ҳазрати Хизр масжидидан Шоҳи Зинда кўчасигача бўлган қисмида;
  • Шоҳи Зинда кўчасининг «Сиёб» деҳқон бозоридан Мирзо Улуғбек расадхонасигача бўлган қисмида.

Аввалроқ Азиз Абдуҳакимов Самарқанд ярим марафони виртуал шаклда вилоятлар ўртасида ўтказилишини маълум қилганди.