Фарғонада никоҳсиз туғилган боласини 1,5 минг доллaрга сотмоқчи бўлган аёл ушланди

Фарғона шаҳрида никоҳсиз туғилган 2 ёшли ўғлини 1,5 минг долларга сотмоқчи бўлган 24 ёшли аёл ушланди. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, мазкур ҳолат бўйича Миллий гвардия Фарғона вилояти бошқармаси хизматчилари ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармасининг одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида аниқланган.

Маълум қилинишича, Фарғона шаҳрида яшовчи 24 ёшли Г.С. икки ёшли ўғли Ш.Т.ни 1,5 минг долларга сотмоқчи бўлади. Шу мақсадда ўзаро келишув асосида бола учун келишилган пулнинг 500 долларини олаётган вақтда қўлга олинган.

Терговга қадар текширувда аниқланишича, ҳали турмушга чиқмаган бу аёл фоҳишалик қилиб юриб ушбу болани туққан. Шу сабабли боланинг отаси кимлиги номаълум.

Аввалроқ Фарғонада бир ёшли фарзандини 1500 долларга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани маълум қилинган эди.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида одам савдосига қарши курашиш масаласи кўриб чиқилган. Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев одам савдосидан жабрланганлар тўғрисидаги ахборот ошкор этилмаслиги ҳақидаги қонунни имзолаган.

Янгиликлар