Тўлқин Астановга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида 27 ноябрь куни Астанов Тўлқин Тошмуротовичга нисбатан бўлиб ўтган суд жараёнида суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Фото: Rustam Karim / Facebook

Маълум қидинишича, судда Учтепа туман ИИОФМБ пробация гуруҳининг Тўлқин Астановга нисбатан тақдимномаси кўриб чиқилган. Унга кўра, судланувчи 2019 йил октябрь ойида Жиноят кодексининг 244-1 моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш)да кўрсатилган жиноий қилмишларни содир этганликда айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган. Бироқ, тайинланган жазо ўзгартирилиб, унга нисбатан 2 йил синов муддати белгиланган. Қонунчиликка мувофиқ, суд Тўлқин Астановга Тошкент шахри ҳудудини тарк этмаслик мажбурияти юкланган.

«Аммо, Тўлқин Астанов ўрнатилган мажбуриятларга риоя қилмай Фарғона вилоятининг Бувайда тумани ва Тошкент вилоятининг Чиноз шаҳрига бориб, ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари томонидан тергов қилинаётган турли жиноят ишларига жалб этилган шахслар билан учрашиб юрган. Уларга ўзини «давлат идораларидан азият чеккан шахслар ҳимоячиси» сифатида таништириб, уларни қонун посбонларига нисбатан бўҳтон ва нохолис маълумотлар беришга кўндириб, ушбу материалларни Интернет тармоғига жойлаштириб келган.

Хусусан, С.Абдуллажанова ҳам Тўлқин Астановнинг алдовига ишонган ҳолда унинг таъсирида дастлабки тергов органлари тайзиқи остида бўлганлиги, диний важлар асосида сўроқ қилинганлиги хусусида Интернетда ёлғон мурожаатлар тарқатган.

Тўлқин Астанов ўзи билан алоқа боғлаганларга, тергов-суриштирув идораларини ёмонлаш, хусусан амалга оширилаётган ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотлар ва диний йўналишдаги ижобий ўзгаришларга нисбатан ишончсизликни келтириб чиқариш мақсадида тайёрланган ёлғон маълумотларни етказишларини талаб қилган», — дейилади хабарда.

Суд тўпланган маълумотлар билан танишиб чиқиб, белгиланган мажбуриятларини мунтазам бузиб келганлиги, пробация гуруҳининг қонуний талабларини бажармаганлиги, суд томонидан танланган инсонпарварлик принципини оёқ ости қилганлиги, фуқаролар орасида норозичиликлар келтириб чиқаришга уринишларини инобатга олиб, 2020 йилнинг ноябрь ойида белгиланган синов муддатини бекор қилиб, Тўлқин Астановни 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилган.

Эслатиб ўтамиз, ДХХ Қашқадарёда «Жиҳодчилар» гуруҳи фаолиятига чек қўйгани, Aндижонда «Жиҳодчилар» гуруҳига қўшилиб қолган йигит ва Бойсунда «Жиҳодчилар» гуруҳининг аъзолари қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар